Toshkent, Tarasa Shevchenko 8. info@pnk.uz

Солиқ маслаҳатчисининг ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари бўйича эслатма

Ўзбекистон Республикаси солиқ маслаҳатчиларнинг 2026 йил 17 октябрдаги умумий Форуми томонидан қабул қилинди, Ўзбекистон солиқ маслаҳтчилар Палатаси бошқарувининг 2026 йил 26 октябрдаги
2 – сонли Баённомаси билан

ТАСДИҚЛАНДИ

Солиқ маслаҳатчисининг оммавий ахборот воситалари
ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари бўйича

ЭСЛАТМА

Солиқ маслаҳатчисининг ҳар бир оммавий чиқиши аудитория томонидан эксперт позицияси сифатида қабул қилинади. Шунга кўра, ОАВда чиқиш қилиш, интервью бериш ва ижтимоий тармоқларда материаллар эълон қилишда қуйидаги қоидаларга риоя қилиш тавсия этилади:

  1. Ишончли манбалар: Хулосаларингизни расмий статистик маълумотлар, таҳлиллар ва нуфузли халқаро ташкилотлар (Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти – ИҲТТ, Халқаро валюта жамғармаси– ХВЖ, Жаҳон банки ва бошқалар) маълумотлари билан асосланг.
  2. Хорижий тажрибани тўғри қўллаш: Халқаро тажрибадан фойдаланганда Ўзбекистон миллий иқтисодиёти ва ҳуқуқий муҳитининг хусусиятларини ҳисобга олинг. Бир мамлакатда самарали бўлган ечим бошқасида ишламаслиги мумкин.
  3. Ташаббуслар оқибатини баҳолаш: Солиқ қонунчилигини такомиллаштириш бўйича таклиф киритаётганда, уларнинг бюджет, бизнес ва аҳолига таъсирини олдиндан ҳисоблаб чиқинг. Асосланмаган таклифлар жамоатчиликни чалғитади.
  4. Фақат текширилган фактлардан фойдаланиш: Эскирган ёки нотўғри маълумотларни тарқатманг, юзаки хулосалар чиқариш ва маълумотларни бузиб кўрсатишдан сақланинг.
  5. Шахсий фикр ва эксперт хулосасини аниқ ажратиш: Агар баёнотингиз меъёрий-ҳуқуқий базага ёки тасдиқланган фактларга асосланмаган бўлса, бу расмий касбий хулоса эмас, балки шахсий фикрингиз эканини аниқ таъкидланг.
  6. Манфаатлар тўқнашувини ошкор қилиш: Амалдаги ёки собиқ мижозларнинг манфаатларига бевосита тегишли масалалар бўйича улар билан келишмай туриб чиқишлар қилманг. Агар мавзуга нисбатан бошқа шахсий ёки касбий манфаатдорлигингиз бўлса, бу ҳақда аудиторияга хабар беринг.
  7. Аффилиация (алоқадорлик) шаффофлиги: Агар чиқишингиз учун ҳақ тўланган бўлса, мижоз томонидан буюртма қилинган бўлса ёки муайян тижорат манфаатларини илгари суришга қаратилган бўлса, буни мустақил эксперт фикридан ажратган ҳолда аудиторияга очиқ кўрсатинг.
  8. Касб этикасига риоя қилиш: Муваффақиятли суд ишлари, камайтирилган солиқлар, бекор қилинган жарималар, мижозлар ҳақидаги махфий маълумотларни ҳамда ҳамкасбларингиздан устунлигингизни ошкор қилишдан сақланинг. Бундай ҳаракатлар касб этикаси ва ўзаро ҳурмат тамойилларига зиддир.
  9. Ижтимоий йўналтирилганлик: Оммавий чиқишларнинг асосий мақсади аҳоли ва тадбиркорларнинг солиқ саводхонлигини ошириш ҳамда холис ва ишончли маълумот беришдан иборат бўлиши керак.
  10. Хатоларни тезкор тузатиш: Эълон қилинган баёнотингизда ноаниқлик ёки хато топсангиз, уни дастлабки маълумот қайси усулда тарқатилган бўлса, ўша усулда ўз вақтида ва очиқ тузатинг.

Ҳужжатни DOCX форматида юклаб олиш