Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида
2013 йил 18 ноябрда 2526-сон билан рўйхатга олинган
Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг
2013 йил 14 октябрдаги 95-сон буйруғига
ИЛОВА

СОЛИҚ МАСЛАҲАТИ
МИЛЛИЙ СТАНДАРТИ

(4-СОНЛИ СММС)

СОЛИҚҚА ОИД НИЗОНИ СУДГАЧА ҲАЛ ҚИЛИШ
ДАВОМИДА ВА СУДДА МИЖОЗНИНГ (ИШОНЧ
БИЛДИРУВЧИНИНГ) МАНФААТЛАРИНИ
КЎЗЛАБ ВАКИЛЛИК ҚИЛИШ

Ушбу Солиқ маслаҳати миллий стандарти (4-сонли СММС) (бундан кейинги ўринларда стандарт деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг «Солиқ маслаҳати тўғрисида»ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 й., 9-сон, 497-модда) мувофиқ солиққа оид низони судгача ҳал қилиш давомида ва судда мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини кўзлаб вакиллик қилиш тартибини белгилайди.

 

I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

  1. Мазкур стандарт талаблари барча солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари томонидан қўлланилиши мажбурийдир.

Мазкур стандарт билан тартибга солинмаган муносабатлар қонун ҳужжатлари, шунингдек тарафлар ўртасида тузиладиган шартномалар билан тартибга солинади.

  1. Мазкур стандарт қуйидагиларга татбиқ этилмайди:

бир марталик (бирйўла) хизмат кўрсатиш шартномалари бўйича солиқ маслаҳатчилари ташкилоти томонидан кўрсатиладиган хизматларга;

солиқ маслаҳатчиларининг жиноий ишни кўриб чиқиш вақтида иштирок этишига.

  1. Солиққа оид низони судгача ҳал қилиш давомида ва судда мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини кўзлаб вакиллик қилишга солиқ маслаҳати бўйича хизматлар шартнома асосида кўрсатилади.
  2. Хизматлар кўрсатишда солиқ маслаҳатчилари ташкилоти мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини кўзлаб ўз ихтиёрига кўра ҳаракат қилади, бундан мазкур стандартга ёхуд тузилган шартномага мувофиқ ҳаракатларни мижоз (ишонч билдирувчи) билан келишиш талаб этиладиган ҳоллар мустасно.

 

 

II БОБ. СОЛИҚҚА ОИД НИЗОНИ СУДГАЧА ҲАЛ ҚИЛИШ ДАВОМИДА МИЖОЗНИНГ (ИШОНЧ БИЛДИРУВЧИНИНГ) МАНФААТЛАРИНИ КЎЗЛАБ ВАКИЛЛИК ҚИЛИШ УЧУН СОЛИҚ МАСЛАҲАТИ БЎЙИЧА ХИЗМАТЛАР

 

  1. Солиққа оид низони судгача ҳал қилиш давомида мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини кўзлаб вакиллик қилиш учун солиқ маслаҳати бўйича хизматлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

солиқ текшируви материаллари, уларни кўриб чиқиш тартиби, шунингдек солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш натижалари бўйича давлат солиқ хизмати органи қарорининг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини таҳлил қилиш;

давлат солиқ хизмати органининг қарори устидан шикоят қилиш учун ҳуқуқий нуқтаи назарни ишлаб чиқиш;

мижознинг (ишонч билдирувчининг) нуқтаи назарини тасдиқловчи ҳужжатларни йиғиш;

давлат солиқ хизмати органининг қарори устидан юқори давлат солиқ хизмати органига шикоят тайёрлаш ва бериш;

давлат солиқ хизмати органининг қарори устидан шикоят кўриб чиқилаётганда юқори давлат солиқ хизмати органларида мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини кўзлаб вакиллик қилиш.

  1. Мазкур стандартга мувофиқ хизматлар кўрсатадиган солиқ маслаҳатчилари ташкилоти мижозга (ишонч билдирувчига) солиққа оид низо бўйича барча вазиятлар ва юзага келиши мумкин бўлган оқибатларни тушунтиради.
  2. Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти солиққа оид низо бўйича ўз нуқтаи назарини ва кўзда тутилаётган хатти-ҳаракатларни мижоз (ишонч билдирувчи) билан келишади.
  3. Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти солиққа оид низони ҳал этиш бўйича иштирок этиш учун мижознинг (ишонч билдирувчининг) ваколатли вакилларини, шунингдек мижознинг (ишонч билдирувчининг) розилиги билан учинчи шахсларни жалб этишга ҳақли.

 

III БОБ. СУДДА МИЖОЗНИНГ (ИШОНЧ БИЛДИРУВЧИНИНГ) МАНФААТЛАРИНИ КЎЗЛАБ ВАКИЛЛИК ҚИЛИШДА СОЛИҚ МАСЛАҲАТИ БЎЙИЧА ХИЗМАТЛАР

 

  1. Агар солиққа оид низони судгача ҳал қилиш давомида хизматлар кўрсатиш бўйича шартномада судда мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини кўзлаб вакиллик қилиш бўйича хизматлар кўрсатиш назарда тутилган бўлса, давлат солиқ хизмати органининг қарори устидан юқори давлат солиқ хизмати органига берилган шикоят қаноатлантирмай қолдирилган тақдирда, алоҳида шартнома тузиш талаб қилинмайди.

Бунда солиққа оид низони судгача ҳал қилиш давомида хизматлар кўрсатиш бўйича шартнома, шунингдек стандартнинг мазкур бобида белгиланган талабларга ҳам жавоб бериши керак.

  1. Судда мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини кўзлаб вакиллик қилишда солиқ маслаҳати бўйича хизматлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

солиқ текшируви материаллари, уларни кўриб чиқиш тартиби, шунингдек солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш натижалари бўйича давлат солиқ хизмати органи қарорининг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини таҳлил қилиш;

шикоят қилиш учун ҳуқуқий нуқтаи назарни ишлаб чиқиш ва давлат солиқ хизмати органининг қарори устидан судга шикоят қилиш;

мижознинг (ишонч билдирувчининг) нуқтаи назарини тасдиқловчи ҳужжатларни йиғиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат солиқ хизмати органининг қарори устидан судга даъво киритиш ва суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш;

судда мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини кўзлаб вакиллик қилиш.

  1. Агар бир шартномада солиққа оид низони судгача ҳал этиш вақтида ва судда мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини кўзлаб вакиллик қилишга хизматлар кўрсатиш назарда тутилган бўлса ва юқори давлат солиқ хизмати органига берилган шикоят қаноатлантирмай қолдирилган тақдирда, қўшимча таҳлил, ҳуқуқий нуқтаи назарни ишлаб чиқиш ва ҳужжатлар йиғиш талаб этилмайди. Бироқ шартномада олдин тайёрланган ҳужжатларга аниқликлар ва қўшимчалар киритилиши зарурлиги назарда тутилиши мумкин.
  2. Судда мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини кўзлаб вакиллик қилиш амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ берилган ишончнома асосида амалга оширилади.
  3. Мазкур стандартга мувофиқ хизматларни кўрсатиш учун солиқ маслаҳатчилари ташкилоти судда исбот сифатида мижознинг (ишонч билдирувчининг) розилиги билан у тақдим этган ҳужжатлардан, қонун ҳужжатларидан, ваколатли органларнинг тушунтиришларидан ва бошқа ҳужжатлардан фойдаланиши мумкин.
  4. Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти мижоз (ишонч билдирувчи) билан тузилган шартномада ва ишончномада белгилаб берилган барча суд инстанцияларида иштирок этади.

 

IV БОБ. СОЛИҚ МАСЛАҲАТЧИЛАРИ ТАШКИЛОТИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ

 

  1. Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти солиққа оид низони судгача ҳал қилиш давомида ва судда мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини кўзлаб вакиллик қилишга хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномани бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги оқибатида мижозга (ишонч билдирувчига) зарар етказганлиги учун жавобгар бўлади. Мижозга (ишонч билдирувчига) етказилган зарарларнинг, шу жумладан, бой берилган фойданинг ўрни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланиши керак.
  2. Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти кўрсатилган хизмат оқибатлари учун жавобгар бўлмайди, агарда бундай оқибатлар мижоз (ишонч билдирувчи) томонидан нотўғри маълумотлар тақдим қилиниши натижасида юзага келган бўлса.

 

V БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА

 

  1. Мазкур стандарт Ўзбекистон Республикасининг Олий суди, Олий хўжалик суди ва Давлат солиқ қўмитаси билан келишилган.

 

 

«Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»,

2013 йил 25 ноябрь, 47-сон, 620-модда