2009 йилда Ўзбекистон солиқ маслаҳатчилари палатаси тузиш ташаббуси билан Хусниддин Зукурович Ҳошимов (Палата Бошқарувининг биринчи раиси) чиққан. Палата таъсисчилари 13 нафар сертификатланган солиқ маслаҳатчилари бўлган. Адлия вазирлигининг 2009 йил 31 июлдаги 706-сонли қарори билан “Ўзбекистон солиқ маслаҳатчилари палатаси” ННТ рўйхатга олинган.  

Бугунги кунга қадар 68 та солиқ маслаҳатчилари ташкилоти орқали 183 та солиқ маслаҳатчиси ўз фаолиятини амалга оширмоқда.

 2006-йил 21-сентябрда Ўзбекистон Республикасининг “Солиқ маслаҳати тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди, бунда илк бор Республикада солиқ маслаҳати институтининг ҳуқуқий мақомини белгилаб берилди.

2022-йил 4-августда Ўзбекистон Республикасининг “Солиқ маслаҳати фаолияти тўғрисида”ги ЎРҚ-787-сон Қонуни (бундан буён матнда – Қонун) қабул қилинди, унда солиқ маслаҳатчилари фаолиятининг ҳуқуқ ва кафолатлари, солиқ маслаҳати хизматлари турлари кенгайтирилди, шунингдек Ўзбекистон Солиқ маслаҳатчилари палатасининг хуқуқлари белгилаб берилди.
 
Ўзбекистон Солиқ маслаҳатчилари палатаси (бундан буён матнда Солиқ маслаҳатчилари палатаси деб юритилади) Қонун билан ўз зиммасига солиқ маслаҳати соҳасидаги фаолиятни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бўйича функциялар юклатиладиган, солиқ маслаҳатчиларининг, солиқ маслаҳатчилари ташкилотларининг ихтиёрий аъзолиги асосида ташкил этиладиган касбий бирлашмадир.
Солиқ маслаҳатчилари палатасининг фаолияти Қонун билан тартибга солинади ва унинг уставида белгиланади.
Солиқ маслаҳатчилари палатаси аъзолари ўз фаолиятини амалга оширишда мустақиллигини сақлаб қолади.
Солиқ маслаҳатчилари палатаси ҳудудий ва ҳудудлараро ваколатхоналар ва (ёки) филиаллар ташкил этиши мумкин.
Солиқ маслаҳати соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи нормалар ва қоидаларни ўз ичига олган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Солиқ маслаҳатчилари палатаси билан келишилади.
 
Солиқ маслаҳатчилари палатасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
       солиқ маслаҳатчиларининг ва солиқ маслаҳатчилари ташкилотларининг манфаатларини ифодалаш;
       солиқ маслаҳатчиларининг касбий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг касбий даражасини ривожлантириш;
       малака сертификатини бериш, қайта расмийлаштиришва унинг амал қилишини тугатиш;
       солиқ тўғрисидаги қонунчиликни ва солиқ маслаҳатига оид фаолият тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштиришда иштирок этиш.
       Солиқ маслаҳатчилари палатаси қуйидаги функцияларни бажаради:
       солиқ маслаҳатчиларининг реестрини юритади;
       солиқ маслаҳатчилари ташкилотларининг реестрини юритади;
       иҳтиёрий тугатилаётган солиқ тўловчиларга солиқлар бўйича хулоса бериш ҳуқуқига эга бўлган солиқ маслаҳатчилари ташкилотларининг рўйхатини юритади;
       солиқ маслаҳатининг миллий стандартларини ишлаб чиқишда иштирок этади;
       солиқ тўғрисидаги қонунчиликни ва солиқ маслаҳатига оид фаолият тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди;
       амалга оширилаётган фаолияти билан боғлиқ йўналишлардан келиб чиққан ҳолда, ўз аъзоларининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади;
       солиқ маслаҳатчиларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастурларини ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди.
       Солиқ маслаҳатчилари палатаси ўқув жараёнига қўйиладиган талабларни ишлаб чиқади ва солиқ маслаҳатига ўқитишни амалга оширувчи ташкилотлар        томонидан ушбу талабларга риоя этилиши мониторингини улар билан тузилган шартнома асосида амалга оширади.
 
       Солиқ маслаҳатчилари палатаси қонунчиликка ва ўз уставига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам бажариши мумкин.